Ўзбекистонимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида қабул қилинаётган қарор ва фармонлар юзасидан туманимизда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Оила муқаддас даргоҳ. Халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муқаддас никоҳ тўйлари эса ундан-да муҳим ўрин тутади. Афсуски, кейинги пайтларда ёшларимиз орасида никоҳга нисбатан юзаки қараш пайдо бўлаётгани, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар пайдо бўлмоқда. Шу сабабли ёшлар ўртасида келишмовчилик ўзаро ажримлар кўзга ташланмоқда. Туман ҳокимлиги Хотин-қизлар қўмитаси қошида тузилган "Яраштириш комиссияси" билан туманимизда ажрим юзасидан мурожаат қилган ёшларимиз билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди. Туман ҳокимлиги, туман бош имом-хатиби ва отинойиси, туман ФҲДЁ бўлими "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва депутатлардан тузилган ишчи гуруҳ аризаларни таҳлилий ва танқидий ўрганиб чиқмоқда. Туман ишчи гуруҳ раҳбари, туман ҳокими ўринбосари Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Рофиева томонидан ўрганиш жараёнида маълум бўлмоқдаки, ёшларимиз никоҳига дарз кетишига ота-оналарни ортиқча орзу-ҳаваслари, ёшларни бир-бирини яхши билмай никоҳдан ўтаётганликлари, никоҳланувчиларнинг ҳаётга тайёр эмасликлари, кейинги вақтларда куёвларнинг никоҳдан ҳеч қанча вақт ўтмай ёш келинни ташлаб чет элга ишлаш учун кетаётганлари сабаб бўлмоқда. Уйда қолган келинчакларимиз эса қайноналари билан муроса қила олмай, баъзан турмуш ўртоғи юборган пулни ўрни-ўрнига сарф-харажат қилмаганлиги каби бир қанча омиллар сабаб муқаддас қўрғон вайрон бўлаётган ҳолатлари аниқланди. Ўрганиш жараёнида 2 нафар фарзанди бўлиб, ўз турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашмасдан иккинчи, ҳаттоки учинчи маротаба уйланишга ҳаракатидаги эрлар мавжудлиги маълум бўлди. Бу масала, албатта, туман комиссияси муҳокамасига қўйилди.
Шу ўринда кишини мушоҳадага ундовчи саволлар пайдо бўлади. Куёвнинг икки марта уйланиб, яна ёш норасида қизларимизга совчи қўйиши бу ҳолатларда қизларимизнинг бундай никоҳга рози бўлаётганлиги, қайноналаримиз эса боласи қийналиб топган пулига осонгина бошқа келин тушириб роҳат кўрмоқчилигига нима дейсиз? Бундай салбий ҳолатлар ўз ҳолича қолмаслиги ҳар қандай ноқонуний ҳолатга қонун доирасида жазо муқаррар эканлиги тўғрисида мутасадди ташкилотлар вакиллари ўз хулосаларини билдириб ўтдилар. Бир рўзғор бузилса, фарзандлар етим қолса бутун олам ларзага келишини айтишган ота боболаримиз. Ҳозирги кунда кузатилаётган бу салбий ҳолатларни кўриб, ажрашиш ниҳоятда осон ишга айлангандек, тасаввур уйғонади кишида. Энг ачинарлиси шундаки, ажрим гўё ўткир юқумли касалликка, вирусга ўхшайди. Бир оила барбод бўлса ёнидаги, маҳалладаги бошқа бир оила вакиллари ҳам шундай кўринишдаги низога дуч келиб турган бўлса муроса ўрнига "ана ажрашиб кетяпти-ку" деган важ билан осонгина ажрашади-қўяди. Шу боис ушбу аянчли ҳолатларни олдини олиш биргина давлат идораларининг зиммасига оғирлик қилади. Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ажримларнинг олдини олишда нафақат давлат идоралари ҳамкорликда ишлаши, балки жамоатчилик кенгашлари, маҳаллалардаги фаоллар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим.
Г.ЖУМАЕВА
туман "Оила"
илмий - амалий тадқиқот маркази раҳбари
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.