1941-1945 йилларда бўлиб ўтган иккинчи жаҳон уруши тарихда энг даҳшатли ва фожиали урушлардан деб тан олинади. Чунки, манбааларга кўра бу қирғинбарот урушда 27 миллион, айримларида 40 миллион, яна бошқа маълумотларда 60-65 миллион киши ҳалок бўлганлиги ҳақида айтилади.
Туманимизда ўзгача файз ва шукуҳ билан нишонланган бу йилги Хотира ва қадрлаш куни кексаю ёш иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Байрам тантаналарининг мантиқий давоми "Ҳамдамбобо" базмгоҳида уюштирилган бир пиёла чой устида дилнавоз куй-қўшиқлар ва мароқли суҳбатлар билан ўтди. Туман ҳокими барчани самимий қутлаб, бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, ёши улуғ отахон - онахонларга совға - саломлар улашди.
Матн ва сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Дарҳақиқат, фашизм офатидан қутилишда нафақат собиқ Иттифоқи, балки бошқа мамлакатларнинг ҳам ҳиссаси катта. Фашистларни мағлуб этишда собиқ Иттифоқнинг хизмати улкан ва беқиёс бўлса-да, лекин бу буюк ғалабани битта халқнинг ғалабаси деб кўрсатиш адолатдан бўлмайди. Ахир бу урушда шўро мамлакатидаги барча катта-кичик миллат халқлари жон олиб, жон берди. Бу улкан ғалабани қўлга киритилишида бизнинг Ўзбекистон халқининг ўша пайтдаги 6,5 миллион аҳолисидан қарийб 1,5 миллион нафари бевосита иштирок этди. Бир ярим миллион нафар билаги кучга тўлган, қирчиллаган йигитларимиз уруш майдонларида ҳаёт-мамот учун курашдилар. Уларнинг учдан бир қисми ҳалок бўлди. 133 минг киши бедарак, ном-нишонсиз йўқолди. Минглаб мард йигитлар майиб-мажруҳ бўлди, шунингдек, ўн минглаб ватандошларимиз душман ичида қолиб, қулликка маҳкум этилди. Давлатимиз ҳудудида 1941 йилнинг ўзидаёқ 240 та корхона қайта мослаштирилиб, ҳарбий асбоб ускуна маҳсулотлари ишлаб чиқара бошлади.
Уруш йилларида 300 га яқин корхоналар қурилиб, қизил армиянинг ҳарбий қуввати кучайтирилди. 1940 йилдагига қараганда уруш даврида нефт қазиб олиш тўрт баробар, металл (шу жумладан, рангли металл) ишлаб чиқариш беш баробар, кўмир қазиб олиш 30 баробарга оширилди. Уруш йиллари Ўзбекистон фронтга 2100 та самолёт, 17,5 мингта авиамотор, 2,5 минг дона авиабомба, 17 мингдан зиёд миномёт, 22 млн. дона мина, 600 мингта снаряд, 350 мингта парашют, 190 та ҳарбий санаторий вагони ва шунга ўхшаш анжом-ускуналар етказиб берди. Ўзбекистондаги барча саноат корхоналари тўла қувват ва матонат билан ишлаб жангчилар учун ҳарбий кийим-кечак пойавзал ва бошқа зарур ашёларни мунтазам юбориб турди. Уруш йиллари қишлоқ аҳли ҳам фидокорона меҳнат қилиб 5 млн. тоннадан зиёд ғалла 4 млн. тонна пахта етиштириб, фронт эҳтиёжлари учун етказиб берди. Кўп миллатли ўзбек халқи ўзи емаса ҳам охирги нон бўлагини ҳам уруш ботқоғига тушган ўлкалардан кўчирилган минглаб етим болалар ва жабрдийдалар билан баҳам кўрди. Уларни бағрига босиб, уйидан жой бериб, меҳр-мурувват кўрсатди.
Менинг болалигим ҳам уруш йилларига тўғри келган. Ўша кезларда маҳалламиздан урушга отланган оталар, акаларни, амаки-ю тоғаларни яхши эслайман. Онаизорларнинг фарёдлари, болаларнинг қий-чувлари ҳамон қулоғим остида. Буларни эслаганимда фашистларга нисбатан нафратим ошади. Шунинг учун Ўзбекистон халқи бу мудҳиш тарихий воқеани ХХ асрнинг энг унутилмас фожиаси деб атайди. Хотира ва қадрлаш кунини халқимиз нишонлар экан, бу осойишта, озод ва обод давримизнинг қадрига етишимиз керак. Чунки бу беғубор шод-хуррамлик осонликча қўлга киритилган эмас. Не-не машаққатлар бошдан кечирилди. Энг асосийси, мустақилликка эришгач, юртимизда улкан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Юртимиз равнақи учун барча фуқароларимиз ҳалол меҳнат қилиб, шижоат билан билим олиб, касб ўрганиб, ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Бугун мамлакатимизда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабига "Темурбеклар мактаби" деб ном берилганининг ўзида аждодларимиз анъанаси яққол намоён. Турли соҳа ва тармоқларда улкан натижаларга эришиб келаётган, юртимиз байроғини, шон-шарафини ҳимоя қилаётган йигитлар учун "Мард ўғлон" давлат мукофотлари таъсис этилгани ҳам ҳақиқат.
Ахир, одамзод тарихида содир бўлган урушларнинг энг даҳшатлисида ўлимларга бўй бермай дунё мамлакатларини босқинчилардан озод қилиб, жаҳон миқёсида байрам қилинадиган оламшумул ғалабага ўзбек обрўсини оширадиган даражада ҳисса қўшиш - умр бўйи фахрланса арзийдиган воқеа эмасми?!
Иккинчи жаҳон урушида матонат кўрсатиб бугунги фаровон ҳаётимизнинг равнақи учун ўзларининг ҳиссаларини аямаган марҳум уруш қурбонлари, бугунги фаровон ҳаётда умргузаронлик қилаётган отахону онахонларга Яратгандан соғлик-саломатлик тилаймиз.
Шароф МАМАДАЛИЕВ,
меҳнат фахрийси
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.