Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“Равонак” маҳалласи – тарих ва тараққиёт уйғунлиги

Самарқанд туманидаги энг қадимий ва шу билан бирга энг навқирон масканлардан бири — “Равонак” маҳалласи бугун ҳам ўзининг илм-маърифатга бой мероси ва фаолияти билан алоҳида ўрин тутади.

Бу табаррук заминдан Холиқ Мирзозода, Тӯрабек Искандарий каби буюк олим ва адиблар етишиб чиққан. Шу боисдан ҳам “Равонак” маҳалласи азалдан зиёлилар, фозиллар ва меҳнаткаш халқ маскани сифатида ном қозонган. Куни кеча маҳалла фуқаролар йиғинининг янги, замонавий бинога кўчиши катта байрамона руҳда ўтди. Янги бино барча қулайликларга эга бўлиб, еттилик аъзоларининг ҳар бири алоҳида иш хоналарига эга. Хоналар зарур жиҳозлар, замонавий мебель ва техника воситалари билан таъминланди. Бу эса, шубҳасиз, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади. Тантанали маросимда Самарқанд тумани ҳокими С. Усмонов, туман маҳаллалари уюшмаси раиси А. Умаров ва бошқа раҳбарлар иштирок этиб, маҳалланинг юксак мақоми, унинг аҳамияти ва келажакдаги вазифалари ҳақида самимий фикрлар билдирдилар. Улар сўзларида юртимизда маҳалла тизимига берилаётган эътибор — мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги муҳим ислоҳотлардан бири эканини таъкидладилар. Маҳалла раиси А. Мирзоев барча меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Шу билан бирга, халқ ва раҳбарият томонидан яратилган имкониятлар учун чуқур раҳмат айтиб, маҳалла аҳлини бирлик ва ҳамжиҳатликка чорлади. Йиғилиш давомида маҳалла фаоллари тўй ва маъракаларни ихчам ва тартибли ўтказиш масаласини ҳам муҳокама қилиб, бу жараёнда халқимизнинг асрий одоб-ахлоқи ва маънавиятини асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлашди. Тадбир якунида туман ҳокимлиги ва маҳалла уюшмаси номидан фаолларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар топширилди. - “Равонак” маҳалласи — тарих ва тараққиёт уйғунлигининг ёрқин намунаси, - деди туман ҳокими С.Усманов. - Бу ерда яратилган имкониятлар фуқароларнинг ҳаётини янада фаровон қилиш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, юксак маънавиятни тарғиб этиш йўлида хизмат қилади.

Лоиқ ҲАМИДЗОДА. Муаллиф олган суратлар.


Последнее редактирование: 08/09/2025 15:22;   Просмотров: 57
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку