уни муносиб ўтказайлик
Жорий йилнинг 1 май куни Президентимизнинг "Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, юртимизда ушбу раҳмат ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини юртдошларимиз шуурига сингдириш, халқимизни хайрли ишларга бошлаш муҳим вазифалардан этиб белгиланди.
Дарҳақиқат, рамазон ойи ойлар ичра энг муқаддас, Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳри, раҳмати ва мағфирати ёғиладиган ойдир. Бу ойда рўза тутиб, хулқ-атворимизни тўғрилаб, ҳалолликка интилишимиз, ота-она ва яқинларимиз, эътибор ва ғамхўрликка муҳтож қўни-қўшнимизга кўпроқ яхшилик қилиш, ёмонликлардан, бировга озор беришдан тийилишимиз орқали Яратганнинг биз, бандалар учун меҳри янада ортишига сабаб бўлади.
Рамазон рўзасини тутиш, бу ойда қилинадиган амаллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда аниқ баён қилинганки, бу ҳақда ҳар бир мусулмон киши билиши лозим бўлган айрим муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтсак, нур устига аъло нур бўлади. Аввало бу ойда ҳар қандай зарарли одат ва иллатлардан йироқ бўлишимиз, нафсимизни жиловлашимиз, имкон қадар кўпроқ ибодат қилиб, кишиларга хатти-ҳаракатимиз билан ҳам, тилимиз билан ҳам зиён-заҳмат етказмаслигимиз фарз амаллардандир.
Жамики мусулмонлар учун фарз қилинган рамазон рўзасини тутишнинг, албатта, ўз талаблари бор. Аввало айтишимиз керакки, рўза озиш учун, қандайдир касалликдан халос бўлиш учун ёки бошқаларга ўзини тоат-ибодатли қилиб кўрсатиш учун тутилмайди. У Яратганинг фарзини адо этиш, дунё ва охиратда улуғ савобга эга бўлиш учун холис тутилади. Рўза тутган киши нафақат нафсини жиловлайди, балки оғзидан чиқаётган сўзи, қилаётган амалига эътиборли бўлиши лозим. У кун бўйи оч юриб, кундузги фаолияти давомида кимгадир ёлғон айтиб, кимгадир қўли ва тили билан озор бериб, фирибгарлик, ўғирлик қилиб, савобга эга бўла олмайди. Қуръони каримда таъкидланганидек, банда рўза тутиб, бадниятликдан, гуноҳдан ўзини тиймаса унинг оч юрганидан ҳеч қандай наф йўқ. Шу боис рўзадор инсон ортиқча гап-сўз, ғийбатдан қочиб, дили ва тили зикрда, қўли ҳалол меҳнат билан пул топишда, бола-чақаси, оиласи фаровонлиги, юрт равнақи йўлида ҳаракатда бўлса ўзи баракасини зиёда қилади.
Рўзани ўта қари кишилар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, мусофирлар, беморлар тутмаслиги мумкин. Уламоларимиз яна қуйидаги тоифаларни ҳам, жумладан, очлик ва чанқоқ оқибатида ҳолдан тойганлар. Ўта қаттиқ очлик ёки чанқоқ оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига хавф туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади.
Рамазонда рўзадорнинг қорнини тўйғазиш, ифторлик қилиб беришнинг савоби улуғ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ҳатто денгизнинг ёнида яшаса ҳам бир томчи сувнинг исроф бўлишига йўл қўймаслигига даъват қилганлар. Бундан, исрофгарчилик ниҳоятда оғир гуноҳ эканлигини англаш мумкин. Жумладан, ифторликларда бундай ҳолатга йўл қўйиш савоб ўрнига гуноҳ орттириб олиши мумкин. Саҳиҳ ҳадисларда бир киши бир рўзадорнинг қорнини тўйғазса унинг тутган рўзасининг савобичалик савобга эга бўлиши айтилган. Агар киши рўзадорнинг қорнини тўйғазишга қурби етмасдан бир хурмо билан, борингки бир пиёла сув билан сийласа ҳам ўша савобга эга бўлиши Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадисларда келтирилган. Бу ҳадисдан ресторанда жамики рўзадорларни йиғиб ифторлик бериш назарда тутилмаяпти, дастурхонга топганини қўйиб, дуою хайрдан умидвор бўлиш, Аллоҳдан мукофот кутиш назарда тутилган. Ресторанда ёки дабдабали ифторлик қилиб беришга қодир кишилар тўшакка ётиб қолган бемор, ногиронлар, ота-она меҳридан мосуво фарзандалар, яқинлар меҳрига зор кекса-нуронийлар, боқувчисини йўқотиб, ҳалол йўл билан тўрт-беш боланинг қорнини тўқ, устини бут қилишга уриниб турган онаизорнинг ҳолидан хабар олиб қўйса, инъом-эҳсон қилса улкан савобга эга бўлади.
Рамазон ғанимат, саховатга, ибодатга, Аллоҳ розилигини топмоқликка шошилишимиз даркор. Бу ойда қилинган яхши амал бошқа ойлардагига нисбатан мукофоти минг чандон ортиқ бўлади. Ишонч ва эътиқодда қилинган дуода хайр бўлади, Яратганнинг наздида у албатта, ижобат бўлади.
Бахтиёр НАСРУЛЛОЕВ,
"Янги Равонак" жоме масжиди имом ноиби
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.