
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23-сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлади.
Ушбу нутқни дунё жамоатчилиги, хусусан, мамлакатимиз халқи ҳам катта қизиқиш ва диққат-эътибор билан кузатди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазият, Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашни тақоза этаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Ўзбекистон етакчиси замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди.
Президентимиз бундан 8 йил муқаддам ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганини ва ўтган давр мобайнида бу стратегик мақсадга эришилиб, ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолганини катта мамнуният билан қайд этди.
Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайганини таъкидлади. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилаётгани, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётганини билдирди.
Давлатимиз раҳбари БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурлар қабул қилишни таклиф қилди.
Шунингдек, Президентимиз глобал ва минтақавий хавфсизлик борасида ҳам фикр юритиб, Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигига алоҳида урғу қаратди.
Мамлакатимиз етакчиси Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
Давлатимиз раҳбари Ғазо секторидаги тобора ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапирар экан, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди.
Украина атрофидаги вазият ҳам барчани жиддий ташвишга солаётганини қайд этиб, Президентимиз бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлади.
Мамлакатимиз етакчиси бугунги таҳдидларга тўла дунёда глобал транспорт тизимининг заифлиги денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганини билдирди.
Халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этишга чақирди.
Шавкат Мирзиёев эътиборидан тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммолари ҳам четда қолмади. Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича юртимизда амалга оширилаётган изчил ишлар, сув ресурсларининг тақчиллигининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Президентимиз Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлаб, мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш мўлжалланаётганини маълум қилди.
Давлатимиз раҳбари экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграцияси кучайиб бораётганини таъкидлаб, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганини қайд этди. Шу муносабат билан бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича барчани Глобал пакт қабул қилишга чақирди.
Ўзбекистон етакчиси барқарор тараққиётни таъминлаш ҳақида сўз юритар экан, мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим эканига эътибор қаратди. Шу маънода, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори экани, халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга доим тайёрлигини билдирди.
Президентимизнинг юксак минбардан туриб билдирган фикрлари, илгари сурган ғоят муҳим ташаббуслари дунё жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланди. Бу эса Ўзбекистон ва унинг етакчисининг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда нуфузи табора юксалиб бораётганидан далолат бериб, қалбимизни фахр ҳисларига тўлдирди.
Савринисо Нарзуллаева,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.