
Дунёда касблар кўп. Улар ичида энг шарафлиси ва энг улуғи бу ўқитувчиликдир. Маънавият боғининг боғбонлари, эртанги кун бунёдкорлари деган юксак эътирофга сазавор бўлган бу зотлар, ҳар қанча ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдир.
Жорий йилнинг 15-сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 1-Октябрь Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам буни алоҳида эътироф этиб, уларга чексиз ҳурмат-эҳтиромини билдирди.
Республикамиздан 40 мингдан зиёд устоз ва мураббийлар қатнашган видео мулоқотда давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда таълимнинг барча бўғинларини ривожлантириш, ёшлар ва педагоглар учун имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилиб, ўқитувчиларга қатор енгиллик ва имтиёзлар берилди.
Хусусан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб бериладиган бўлди.
Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши белгиланди.
Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши, келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилиши айтиб ўтилди.
Фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилиниши, Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланиши қайд этилди.
Бундан ташқари бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилиши, дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилиши, рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма қўлланилиши соҳа ходимлари учун ўзига хос чинакам рағбат бўлди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев мулоқот чоғида Икки Ренессанс давомида башариятга муаллимлик қилган халқимиз орасида устозларни эъзозлаш ва уларга эҳтиром кўрсатиш энг гўзал ва қадимий анъаналардан бирига айланганини таъкидлаб, бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш деган бағоят улуғ ва шарафли ишда ҳам азиз устозларга, уларнинг истеъдодли шогирдларига таянишини билдирди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ишончим комил, сизлар билан бирга чин дилдан ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт мўъжизасини албатта ярата оламиз. Олдимизга қўйган юксак марраларга сизлар билан, эл-юртимиз билан бирга албатта етамиз!”-деган давъаткор сўзлари барча устоз ва мураббийларни янада руҳлантириб юборди.
Бугун Президентимиз томонидан таълим тизими ходимларига жуда катта ишонч билдирилиб, педагоглар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланар экан, улар бундай эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликларни жавобсиз қолдирмайди. Албатта, бор билим ва маҳоратини таълим-тарбия жараёнига сафарбар этиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини қурадиган юксак салоҳиятли, иқтидорли ёшларни камол топтириш йўлида тинимсиз изланадилар, тер тўкадилар.
Дилдора Шукурова,
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.