"Гулобод тонги" газетаси таҳририятида чиқинди билан боғлиқ ишларни тартибга солиш, аҳолини экологик маданиятини ошириш мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи Ж. Ходжаев томонидан туманда ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларини олдини олиш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
— Муҳтарам Президентимиз бевосита ташаббуслари ва раҳбарликлари остида бугунги кунда бошқа мамлакатлар қатори республикамизда ҳам долзарб Экологик муаммолардан бири бўлган чиқинди билан боғлиқ ишларни тартибга солиш ишлари, ҳудудларда санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда,- деди Ж. Ходжаев.— Бўлимимиз томонидан ҳам 2023 йилда туманда атроф-муҳитни ифлосланишини олдини олиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назоратни олиб бориш бўйича давлат инспекторлари томонидан мунтазам равишда тезкор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Мавжуд 74 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига, ҳудудларида ноқонуний чиқиндихоналарни вужудга келишини олдини олиш мақсадида маҳалла ҳудудида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни “Мароқанд обод” ДУК туман филиали билан шартнома асосида ташиб чиқиб кетилишини таъминлаш, бу борада аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борилди.
Аҳолини экологик маданиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларига, ижтимоий тармоқларда, ҳамда вилоят телерадиокомпанияси орқали тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга жорий йилда ноқонуний чиқиндихоналарни пайдо бўлиши ва уларни бартараф қилиш мақсадида туман ҳудудида 8 та кузатув камералар ўрнатилди.
Лекин, шунга қарамасдан айрим фуқаролар томонидан белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаш ҳолатлари содир этилмоқда. Ушбу ҳолатлар юзасидан 2023 йил давомида ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан жами 126 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 44 миллион 596 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди.
Таъкидландики, бугун она-табиатни асраб-авайлаш фақатгина соҳа ходимларини вазифаси бўлиб қолмай, барча фуқароларимиздан белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташламаслик, барг-хазонларни ва чиқиндиларни ёқмаслик, дарахтларни ноқонуний равишда кесмасликни, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни сўраб қоламиз.
Ўз мухбиримиз.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.