Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОБОД БЎЛСИН МАҲАЛЛАМ

Юз йилларга юзлаб турган маҳаллам

Неча авлод яшаб ўтган маҳаллам.

Гуллаб яшна, халқим фаровон бўлсин,

Ватанимнинг остонаси маҳаллам!...

Яқинда “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўктам Аҳроров, диний-маърифат ва ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Зуҳра Насимоваларнинг ҳисоботлари эшитилди. Маърўзаларда қайд этилишича, ўтган 2016 йил – Соғлом она ва бола йилида қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Кўчалар ободонлаштирилди, кўп йиллардан буён катта ариқ ёқасида тўпланиб қолган тупроқ уюми техникалар ёрдамида олиб ташланди. Дарахтлар таналари оқланиб, ўнқир-чўнқир кўчаларга тош ётқизилди.

Шуниси диққатга сазоворки, икки ой давомида уюштирилган халқ ҳашари билан маҳалла маркази пухта таъмирланди, атрофига бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди. Ободончилик-кўкаламзорлаштириш ишларига ҳаммаси бўлиб саккиз миллион сўм маблағ сарфланди. Пахта мавсуми, маданий-маърифий тадбирлар, тўй-маросимлар ва бошқа жамоат ишларида маҳалладошларимиз фаоллик кўрсатдилар. Меҳнат фахрийлари, нуронийлар, ёшлар бир неча бор сайқали рўйи замин ҳисобланган Самарқандимизнинг тарихий жойларига саёҳатга бориб келишди.

Маҳаллада “Мактаб-маҳалла-оила” ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган бўлиб, ўқувчиларнинг ўқишга, жамоат ишларига иштироки, дарсларни ўзлаштириши фаоллар назоратидадир. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида турли тарбиявий мавзуларда давра суҳбатлари уюштирилди, уларнинг Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти иштирокчилари билан учрашувлари ташкил этилди. Мактабларда спорт ишларини жонлантириш мақсадида турли-туман мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар мактаб маъмурияти, маҳалла фаоллари томонидан рағбатлантириб борилди. Бундан хурсанд бўлган ўғил-қизлар дарс машғулотларига кечикмасдан келиб, фанларни яхши ва аъло баҳоларда ўзлаштирмоқдалар.

Маҳаллада қандай тадбир ўтказилмасин уларда ҳамма бирдек қатнашади. Раббим Суннатов, Усмон Пўлатов, Тўхта Пўлатова, Юсуф Орипов, Шерали ва Шоҳрух Эргашевлар, Дамир Ражабов, маҳалла посбони Амриддин Якубов, уста Умид Одилов, Муҳиддин Вафоқулов, Жўрабек Тиллаев, Зуҳриддин Очилов ва бошқалар ўз маслаҳатлари, беғараз ёрдамлари билан бошқаларга намуна бўлаётирлар. Ҳомийларимиздан Дилшод Самадов, Қаҳрамон Сайфиев, Комил Зиёев, Раҳимберди Зикриёев, Бахтиёр Каримовлар ишларнинг кўнгилдагидек бажарилишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилини яхши кутиб олган маҳалламиз аҳли шу кунларда ҳам фаоллик билан иш олиб бормоқдалар. Улар “Мен халқим учун хизмат қиламан, уларнинг дуосини оламан!” деган ният билан, ҳар бир тадбирда иштирок этиб бошқаларга намуна бўлаяптилар.

Матлуба ҒАФУРОВА, халқ таълими аълочиси, олий тоифали педагог

 


Дата добавления: 27/01/2017 15:13;   Просмотров: 1746
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку