
Маҳалла - халқнинг юраги,
жамиятнинг таянчи
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жойларда янги босқичга кўтарилиб, аҳолининг ҳаётида туб бурилишлар яратмоқда.
Самарқанд туманида ҳам бу йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2025 йил 17-25 октябрь кунлари давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ишчи гуруҳ ва маҳаллий масъуллар ҳамкорлигида туманнинг барча 74 та маҳалласида жойлардаги аҳвол ўрганилди, тизим самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.
Тозаликдан - ободликка
Ҳар бир маҳаллада "Тозалик ва озодалик ойлиги" доирасида ҳашарлар ташкил этилди. Маҳалла бинолари таъмирланди, кўчалар ва қабристонлар тозаланди.
Тадбирларда 30 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди, 97 тоннадан зиёд маиший чиқиндилар махсус техника орқали чиқарилди.
Бу ишлар нафақат тозалик, балки аҳоли бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Маҳалла бинолари -
халқ хизматида
Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
"Диёр" маҳалласига 150 млн сўм маҳаллий бюджет маблағи ажратилди.
"Қўшмачит" маҳалласида ҳам шунча миқдорда маблағ ажратиш ташаббуси илгари сурилди.
"Сулфакабутак" маҳалласида ҳомийлар ёрдамида қурилган бинога 120 млн. сўмлик мебел ва компьютер жиҳозлари олиб бериш белгиланди.
"Ўзбеккенти" маҳалласи биноси учун 250 млн сўм маблағ ажратилди.
"Талибарзуи боло" маҳалласида тадбиркор ҳомий томонидан 5 млрд. сўм ажратилиб, замонавий бинолар қурилиши бошланди.
"Ангаролмос" ва "Шўрбои" маҳаллалари ташаббусли бюджет ғолиблари сифатида яқин кунларда янги биноларга эга бўлади.
Умуман, мазкур чора-тадбирлар учун 1,8 млрд сўм бюджет маблағи ва 5 млрд. сўм ҳомийлик ёрдами йўналтирилди.
Рақамли маҳалла - самарали фаолиятнинг асоси
Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида "Рақамли маҳалла" платформасидан фойдаланишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Жумладан, маҳалла ходимларининг 31 фоизи ишга келган вақти мобил илова орқали белгиланмаган.Тезкор муҳокама қилиш натижасида давомат 97 фоизга етказилди. Бу - маҳалла фаолиятида рақамлаштириш самараси ошганидан далолатдир.
Хотин-қизлар ва оила мустаҳкамлиги - маҳалла диққат марказида
Маҳалла ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги беқиёс аҳамият касб этади. Хотин-қизлар фаоли штат бирлигининг айрим маҳаллада йўқлиги учун бундай маҳаллаларда "аёллар маслаҳатчиси" лавозими жорий этилди. Натижада оилавий низоларнинг олдини олиш, аёллар бандлигини таъминлаш каби масалалар ечимини топиш имкони яратилди. .
Жорий йилда 39 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаро ишга жойлаштирилди, 1 359 нафар ишсиз 20 дан зиёд турли касбга ўқитилди, 1459 нафар фуқаро доимий ишга қабул қилинди.
Жиноятчиликдан ҳоли маҳалла сари
Тумандаги 74 та маҳалланинг 47 таси "яшил", 22 таси "сариқ", 5 таси "қизил" тоифада. Ҳозирда ушбу маҳаллаларда видеокузатув камералари ва шахсни аниқловчи қурилмалар ўрнатилмоқда.
Ҳар бир маҳаллага бир нафар масъул раҳбар бириктирилиб, "ишсизлик", "камбағаллик" ва "жиноятчилик"дан холи ҳудуд яратиш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
Ташқи миграция хатлови - ҳар бир фуқаро эътиборда
Ташқи миграция жараёнларини назорат қилиш мақсадида маҳаллалар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Қамраб олинган 52 835 хонадонда 13 995 нафар фуқаро хорижда меҳнат қилаётгани, 2313 нафари чиқиш ниятида экани, 1617 нафар фуқаро хориждан қайтиб келгани маълум бўлди. Барча маълумотлар "Рақамли маҳалла" платформасига киритилиб, таҳлил асосида индивидуал ишлар йўлга қўйилди.
Хулоса ўрнида
Президентимиз таъкидлаганидек, "Маҳалла - жамиятимиз таянчи ва меҳр-оқибат маскани". Дарҳақиқат, маҳалла нафақат идора, балки халқнинг ишонч уйи, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт рамзига айланди. Чунки олиб борилаётган ислоҳотлар ҳисобот учун эмас, ҳар бир хонадон фаровон бўлиши учун амалга оширилмоқда. Бу эса барча фаоллар, маҳалла еттилиги ва фуқароларнинг бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилиши натижасидир.
Абдужаббор УМАРОВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси
Самарқанд туман бўлими раиси.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.