
“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”.
Халқ - давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи
Мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида - тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституция 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.
Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!
Юқорида айтиб ўтилган модданинг иккинчи қисмида белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши тўғрисидаги норма ҳам айтиб ўтилган фикрларнинг тасдиғидир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу нормалар мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда халқимиз хоҳиш-иродаси ва инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида яна бир умумэътироф этилган тамойил мустаҳкамланган. Унга кўра давлат ҳокимияти фақат «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади».
Конституциядаги ушбу қоидалар 10-модданинг «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин», деган биринчи қисмда янада аниқ ифода этилган ва чуқур очиб берилган. Яъни жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.
Янги Ўзбекистон — демократик ва ҳуқуқий давлат
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси учинчи қисмда: «Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади», деб белгиланган.
Бу нормалар Янги Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ҳисобланиб, мамлакатда ҳокимият алмашиши фақат Конституция ва қонунлар асосида таъминланади, деган тамойил ҳаётга татбиқ этилишининг кафолатидир. Давлатнинг ҳуқуқий сиёсати инсонпарварлик, демократия, ижтимоий адолат ва сиёсий хилма-хиллик принципларига асосланади.
Янги Ўзбекистонда халқимизнинг бой тажрибаси ва маданий анъаналарига асосланган демократия ўрнатилмоқда, бунда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламлари манфаатлари ҳисобга олинади. Зўравонликка асосланган эскича маъмурий-буйруқбозлик тизими қолдиқлари ниҳоят барҳам топди, кўппартиявийлик, ғоя ва фикрлар хилма-хиллиги одатий ҳолга айланиб бормоқда.
Шунингдек, инсоннинг сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини амалга ошириши, давлат органларининг демократик асосда шаклланишини таъминлаш, жамиятнинг демократик сиёсий тизимини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда демократик институтлар, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш учун қулай шарт-шароит яратиш кафолатланади.
Янги Ўзбекистон - ижтимоий ва дунёвий давлат
Конституциямиз Муқаддимасида давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар аниқ белгилаб берилган.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлик тамойили билан Конституциямиз инсоннинг асрлар давомида дунёда шаклланган асосий маънавий-ахлоқий қадриятлари ва асосий ҳуқуқларини ўзида мужассам этган ҳолда, инсоннинг олий қадрияти - унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати эканини эълон қилди.
Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган “давлат - жамият - шахс” парадигмасини янги: “инсон - жамият - давлат” тамойилига ўзгартиришдан иборат.
Давлатимиз раҳбари таърифига кўра, инсон қадри - мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаёт, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди. Энг муҳими, Асосий Қонунимизда биринчи марта “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” (1-модда), деган норма белгиланди.
Тўғридан-тўғри амал қиладиган Асосий Қонун
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.
Бош қомусимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15-16-моддаларнинг янги ва эски матнидаги нормалари ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний экани ўз тасдиғини топади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:
“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”.
Мухтасар айтганда, бугун Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Янги таҳрирдаги Асосий Қонуннинг қабул қилиниши билан бу борада янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилди. Бинобарин, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини яна бир бор намоён этди.
Конституциямизда Европа, Осиё, Шарқ ва Америка минтақаларида жойлашган дунё давлатларининг ижобий конституциявий тажрибаси ўз аксини топган. Асосий Қонунимиз ҳуқуқшунос олимлар, сиёсатшунослар, кўплаб халқаро ташкилотлар мутахассислари томонидан синчиклаб ўрганилган бўлиб, унга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари қўшимча равишда уйғунлаштирилгандир.
Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши "Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун" тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Дилшод Тохиров,
Самарқанд тумани ҳокимлиги бош юрисконсульти.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.