Бугунги кунда одам савдоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммолардан биридир.
Турли алдовларга учиб, бу жиноятнинг қурбонига айланаётганлар орасида юртдошларимиз ҳам топилади. Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан бу жиноятга қарши кураш доирасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Одам савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳлар фош этилмоқда. Самарқанд халқаро аэропортида ана шундай жиноятнинг олди олинди.
Аниқланишича, Россия Федерацияси фуқароси Р.Савченко Самарқандга ўз қариндошиникига келади. Ташриф давомида унда Ўзбекистондан ноқонуний йўллар билан қизларни олиб чиқиш ва келгусида улардан фоҳишалар сифатида фойдаланиш каби жирканч ғоя туғилди. З.Баҳодирова мўмай пул эвазига қизларни ёллашда унга ёрдам беришга рози бўлади.
У Россиянинг Рязан вилоятида юқори ҳақ тўланувчи официантлик, сотувчи-консультантлик ва обрўли савдо тузилмаларига ишга қўйиш имкони борлигини айтиб, ёлғон ваъдалари билан қизларни ўзига оғдира бошлайди. Бу таклифга учта ёш қиз хайрихоҳлик кўрсатади. Қизларга келгусида ишлаб харажат ҳақини узиш шарти билан транспорт харажатларини ўз зиммасига олади. Уларнинг паспорт маълумотлари авиачипта олиш учун Россия Федерациясига жўнатилади.
Юртимиз ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг тезкор тадбири туфайли бу жиноят фош этилди. Самарқанд халқаро аэропортида уч нафар қизни Россияга жўнатаётган Р.Савченко қўлга олинди. Мазкур жиноятда шерик бўлган З.Баҳодирова ҳам ушланди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан ушбу кимсаларга ҳукм ўқилди ва тегишли жазо тайинланди.
Ғ.АБДУСАМАТОВ
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.