Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДЕПУТАТ ФАХРИЙЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛДИ

9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан "O'zLiDeP" туман Кенгаши раиси Абдужаббор Умаров тумандаги меҳнат фахрийлари ва устозлар ҳолидан хабар олди.

Халқ таълими аълочиси, 82 ёшли Патти Холова қарийб 40 йил Андижони маҳалласидаги 39-умумтаълим мактабда дарс берган бўлса, 23 йил мазкур мактабнинг директори лавозимида фаолият кўрсатди. Бугун у фарзандлар, невара - чеваралар ардоғида қарилик гаштини сурмоқда. Байрам арафасида онахонни собиқ ўқувчиси йўқлаб келганда унинг қувончи ичига сиғмади.
- Умрим таълим соҳасида кечди, дунёда энг улуғ касб қайси, десалар, ҳеч иккиланмасдан "ўқитувчилик" дея жавоб бераман, - дейди П.Холова. - Ўқитувчилик касби боғбондек гап. Боғбон дарахтларининг ҳосилга кирганида қанчалик хурсанд бўлса, ўқитувчи шогирдлари муваффақиятидан шунча хурсанд бўлади. Мен бугун шогирдларим хусусан, Абдужаббор Умаровнинг депутат, тадбиркор сифатида эришган ютуқлари билан фахрланаман!
Депутат Абдужаббор Умаров меҳнат фахрийси, 90 ёшли Насрулло Нарзуллаевнинг ҳам хонадонида бўлиб, устози билан суҳбатда бўлди. Унинг айтишича, биолог Насрулло Нарзуллаевнинг тамаки маҳсулотларини чекиш инсон организмига зарар эканлиги тўғрисидаги маърузалари туфайли у ўсмирлик давридаёқ бу иллатдан нафратланиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни ўрганган.
- Юртимиздаги барча ўзгариш ва тараққиётлар бу тинчлик туфайлидир, - деди отахон. - Доим дуога қўл очганда, Ватанимизга тинчлик-осойишталик сўраймиз. Фарзандларимиз, шогирдларимиз, ёшларимизга яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, юрт равнақи учун хизмат қилишлари зарур.
Шунингдек, А.Умаров меҳнат фахрийси, миришкор деҳқон Абдулҳафиз Раҳмонов хонадонига ҳам ташриф буюрди. Учрашувларда тадбиркор фахрийларга эсдалик совғалар туҳфа қилди.

М.СОБИРОВ,
O'zLiDeP туман Кенгаши ижрочи котиби


Дата добавления: 10/05/2019 16:04;   Просмотров: 909
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку