Вилоят матбуот уйида "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамияти мутасаддилар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини амалга ошириш жараёнлари, унинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди.
- Ушбу тизимни жорий этишда хориж тажрибасига таянилмоқда, - дейди "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси"АЖ бош директори М.Пардаев. - Яъни, бу вазифа Италия компанияси маслаҳати ёрдамида кареялик пудратчи корпорация томонидан амалга оширилмоқда. Бунинг учун Осиё тараққиёт банки томонидан кредит ҳисобига 66,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ молиялаштирилган. Ушбу маблағ ҳисобидан 2020 йилнинг 1 июнигача вилоятимизда 722 минг 862 та ақлли электрон ҳисоблагич ҳамда 12 минг 418 та концентратор ўрнатилиши керак. Ҳозирда бу иш Самарқанд шаҳрида жадал суръатда амалга оширилиб, 102 мингдан ортиқ ҳисоблагич ва 530 дона концентратор ўрнатилди. Эндиликда бошқа туман ва шаҳарларда ҳам янги ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун туман, шаҳар электр таъминоти корхоналарида 350 нафар ходим жалб этилиб, 175 та бригада тузилди. Улар керакли асбоб -ускуна ва транспорт воситалари билан таъминланган.
- Янги тизим бир қатор афзалликларга эга ва бу амалиётда ўзини оқлади, - дейди "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ бўлим бошлиғи В.Қиличев. - 2015-2016 йилларда Паст Дарғом туманининг Гўзалкент ҳудудида эксперимент тарзида шу тизим асосида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилди. Натижа шуни кўрсатдики, тармоққа ноқонуний уланиш ва фойдаланиш йўқолди. Тўлов интизоми яхшиланди, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан қарздорлиги кескин камайди. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида ўрнатилган ақлли ҳисоблагичлар онлайн режимига ўтказилмоқда.
Бу электр энергиясидан фойдаланиш кунлик кўрсаткичларини йиғиш ва ҳисоб-китоб тизимини автоматлаштириш, электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради. Муҳими, электр тармоқларининг бошқарилишини енгиллаштиради, эксплуатация сарф-харажатларини камайтириб, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланишни ўзи бошқариш имкониятларини кенгайтиради. Содда қилиб айтадиган бўлса, энди истеъмолчи электр энергиясини сотиб олиб ишлатади. Аввалгидек, қарздорлик юзага келишига йўл қўйилмайди. Истеъмолчининг ҳисобида пул бўлмаса, ҳисоблагич автоматик тарзда ўчади. Бундан ташқари, тармоқда ёки фойдаланилаётган электр ускуналари ва техникаларида носозлик юзага келса, кучланиш ошиб кетса ҳам ҳисоблагич ўчади. Носозликлар бартараф этилгач, истеъмолчининг мурожаати билан навбатчилар томонидан ҳисоблагич қўшилади. Бунинг учун барча туман ва шаҳарларда туну кун доимий навбатчилик йўлга қўйилади. Тўловларни амалга ошириш ва ўз ҳисобини билиб бориши учун ҳам истеъмолчиларга қулайлик яратилган бўлиб, бу ҳақда уларнинг телефонига хабарнома юборилади.
"Зарафшон" газетасидан олинди.
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.